2015/16 йилги мавсумда «Сампдория»ни бошқарган италиялик мутахассис Винченцо Монтелла фаолиятини «Милан» клубида давом эттиради. Бу ҳақда «Милан» ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди.
42 ёшли Монтелла «Милан» билан икки йиллик шартномага имзо чеккан. «Чемпионат»нинг жамоа расмий сайтига асосланиб хабар беришича, шартнома шу йилнинг 1 июль санасидан кучга киради.
«Мавсум сўнггида ҳаракатчанлиги, кучли иштиёқи билан фаолият олиб борган Кристиан Броккига жамоа самимий миннатдорчилик изҳор қилади. Ишонамизки, Монтелла билан ҳамкорлик клуб учун самарадор бўлади», — деб ёзилган «Милан» сайтида.
#ACMilan have a new coach: Vincenzo Montella signed a two-year contract, #welcomeMontella! ✈🔴⚫#weareacmilan pic.twitter.com/OktfBPJOM4
— AC Milan (@acmilan) June 28, 2016
Аввалроқ Винченцо Монтелла Милан шаҳри клубида йилига 2,3 миллион евро маош олиши ҳақида хабарлар тарқалган бўлиб, жамоа «Сампдория»га мураббийнинг кетиши учун конпенсация тўлаши айтилганди. Боиси Монтелланинг «Сампдория» билан шартномаси 2018 йилнинг 30 июнига қадар тузилган.
Сўнгги мавсумни «Милан» 7-ўринда якунлаб, халқаро майдондан четда қолиб кетди. Шунингдек, Италия Кубоги финалига қадар етиб борди. «Сампдория» эса 15-ўрин билан чекланган.
2009 йилда мураббийлик фаолиятини бошлаган Монтелла «Сампдория»га қадар «Рома», «Катания», «Фиорентина» каби жамоаларни бошқарган, бироқ ҳеч бирида шартномаси якунига қадар ишламаган. Кўп ҳолларда раҳбарият билан чиқиша олмагани сабаб клубни тарк этган.
Изоҳ (0)