Россиялик жуфтлик — Светлана ва Юрий Пантелеенколар 300 килограмм вазнли Степан лақабли айиқ билан бирга яшаб келмоқда. Жуфтлик айиқни 3 ойлигида асраб олган бўлиб, шундан буён улар бирга яшаб келади, деб хабар беради «Хорошие новости про животних» сайти.
Ғаройиб оила қайинлар билан ўралган ёғоч уйда яшайди; улар ҳар куни ҳақиқий айиқ билан бирга чой ичади.
Ҳозир Стёпа 20 ёшга кирди, унинг вазни 300 килограмм, орқа оёқларида турганида бўйи 220 сантиметрга етади. Айиқ шу даражада қўлга ўргатилганки, кечки соатларда Света ва Юра билан бирга ўтириб телевизор кўради. У ҳатто рўзғор ишларида ёрдам беради, масалан, гулларни суғоради.
Катта айиқнинг иштаҳаси ҳам карнай бўлар экан. Степан кунига 25 килограмм балиқ, тухум ва сабзавот ейди. Десерт ўрнида қуюлтирилган сутни банкалаб истеъмол қилади.
Айиқ ўйин-кулгуни яхши кўради. У билан копток ўйнаш мумкин. Юрий исталган пайтда уни ерга ётқизиб олиб, ҳазиллашиб курашиши мумкин, айиқ унга зарар бермайди.
Степаннинг ўз сайти ҳам бор. Сайтда қуйидаги сўзлар ёзилган: «Юра ва Света Стёпага иккинчи ота-она бўлди. Улар айиқни ҳақиқий цирк артистига ва кинофильмлар юлдузига айлантирди. Стёпа — қоидадан истисно ҳолат. Табиатда бундай айиқлар бўлмайди. У ақлли, меҳрибон ва ниҳоятда чиройлидир. Унга яқинлашиб силаш, елкасида ўтириш, панжасидан ушлаш мумкин».
Айиқ «Подшо», «Ўлка», «Воронинлар» сингари кўплаб фильмларда суратга тушган. Бундан ташқари, у мунтазам равишда Янги йил арчаларида иштирок этиб келади. Яқиндагина Степан «Арчалар–4» телефильмида эпизодик роль ижро этди.
Ўтган йили она, унинг қизи ва айиқ иштирокидаги фотосессия интернетда катта шуҳрат қозонди. Фотосуратлар муаллифи Ольга Баранцева унинг ишлари бутун дунёга тарқалиб кетишини кутмаган эди. Аслида у Степан иштирокида бир қанча фотосессиялар яратган.
«Стёпа — ажойиб актёр, у дарҳақиқат қўлга ўргатилгандир. Унинг ёқимтойлигини қаранг, ундан қандай қилиб қўрқиш мумкин?», — дейди Ольганинг фотолойиҳаларида иштирок этган моделлар.
Изоҳ (0)