Евро–2016 турнирида Исландия ва Австрия (2:1) ўртасидаги учрашувини эҳтиросли шарҳлаш билан танилган исландиялик Гудмундур Бенедиктссон «Рейкьявик» футбол клуби бош мураббийи ассистенти лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Маълум бўлишича, Бенедиктссон профессионал шарҳловчи эмас. Унинг асосий иш жойи «Рейкьявик» футбол клуби бўлган ва у жамоа бош мураббийи ёрдамчиси бўлиб ишлаган.
Исландия ва Австрия учрашувидан сўнг эҳтиросли шарҳловчи уйига қайтди ва эртаси куни «Рейкьявик» чемпионат доирасида навбатдаги ўйинини ўтказди. Жамоа сўнгги 6 ўйиндан 5 тасида мағлубиятга учраган ва 12 клуб орасида 9-ўринни эгаллаб келаётганди. Навбатдаги учрашув ҳам 1:2 ҳисобида бой берилди. Натижада «Рейкьявик» раҳбарияти бош мураббий Бьярни Гудьонсен ва унинг мураббийлар штабини, шу жумладан, Бенедиктссонни истеъфога чиқарди.Тахминларга кўра, Гудмундур Бенедиктссон Евро–2016 нимчорак финалидан ўрин олган Англия – Исландия ўйинини шарҳлаш учун таклиф этилади. Мазкур учрашув Тошкент вақти билан 28 июнга ўтар кечаси ярим тунда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)