Мамлакатнинг барча олий ўқув юртлари каби жорий йилнинг 20 июнь кунидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳам қабул бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Янги ўқув йилида бакалавриат учун учта факультет қамровидаги 15 та йўналиш кесимида 282 нафар абитуриент, шулардан, 74 нафари давлат гранти ва 208 нафари тўлов шартнома асосида талабаликка қабул қилинади. Институтда таълим ўзбек ва рус гуруҳларида олиб борилади», — дея хабар берди қабул комиссияси масъул котиби Анвар Қурбонов.
Таъкидлаш жоизки, бу йил институтда «киношунослик» ва «санъатда анимациявий ва мультимедиявий лойиҳалаш» янги мутахассисликлари бўйича ҳам қабул эълон қилинган.
Комиссиянинг самарали ишлаши, абитуриентларга ижодий ва соҳавий йўлланма бериш учун қабул жараёнига тажрибали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар жалб этилган. Қабул қилинган ҳужжатлар сони ҳақидаги маълумот ҳар куни янгилаб борилади.
Жорий йилда абитуриентлардан 4 мингга яқин ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ (0)