Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) тақиқланган препаратлар қабул қилганликда гумонланувчи россиялик боксчи Александр Поветкиннинг иши бўйича қарорни икки ҳафта ичида маълум қилади. Бу ҳақда боксчининг вакили, «Мир бокса» промоутерлик компанияси раҳбари Андрей Рябинский «ТАСС» агентлигига маълум қилди.
«Поветкин иши бўйича эшитиш бўлади. Қарор икки ҳафта ичида маълум қилинади. АҚШ матбуотининг босимига қарамай, WBC ўзини мутлақо яхши тутмоқда», – деди Рябинский.
Эслатиб ўтамиз, Поветкин ва Уайлдер ўртасидаги жанг 21 май куни бўлиб ўтиши режалаштирилганди, бироқ россиялик боксчининг организмида мельдоний қолдиқлари аниқлангани учун жанг номаълум муддатга қолдирилди. WBC Поветкинга нисбатан тергов иши давом этгунига қадар Деонтей Уалдерга ўз титулини ихтиёрий равишда ҳимоя қилиш ҳуқуқини берди. Аввалроқ россиялик боксчининг «Б» допинг намунасида 72 нанограмм, «А» намунасида 70 нанограмм мельдоний борлиги аниқланган эди.
Уайлдер томони жанг бекор қилингани учун Поветкин ва «Мир бокса» промоутерлик компаниясини судга бергани ва камида 5 миллион доллар миқдорида товон пулини қўлга киритишни истаётгани ҳақида хабар берилганди.
Кейинроқ «Мир бокса» промоутерлик компанияси раҳбари Андрей Рябинский америкалик боксчининг томони Поветкинни допинг қабул қилганликда оммавий рашивда айблагани учун судга мурожаат қилиб, Деонтей Уайлдердан 34,5 миллион доллар талаб қилгани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)