Correio da Manhã газетаси мухбирининг саволидан сўнг асабларини жиловлай олмаган Криштиану Роналду унинг микрофонини тортиб олиб, кўлга улоқтириб юборганди. Португалиялик профессионал ғаввос микрофонни сув остидан қидирди, аммо уни топа олмади. Бу ҳақда, Франциянинг Progrs нашрига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳодиса Португалия термасининг Венгрияга қарши учрашуви олдидан рўй берди. Нашр мухбири терма жамоа футболчилари сайр қилиб юрганида Роналдунинг олдига келиб, «Венгрияга қарши ўйинга тайёрмисиз?» деб савол берди. Роналду эса унинг қўлидан микрофонни тортиб олиб, кўлга отиб юборди.
Қайд этиш жоиз, Венгрия ва Португалия ўртасидаги учрашув 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланган ва Роналдунинг ушбу ўйиндаги 2 та голи ва 1 та голли узатмаси терма жамоасининг нимчорак финалга йўл олишига ёрдам берганди.Роналду бир неча бор Correio da Manhã’ни унинг шахсий ва оилавий ҳаётига оид ёлғон маълумотлар тарқатганликда айблаган. Шу сабабли 31 ёшли футболчи Correio da Manhã мухбирлари саволларига ҳеч қачон жавоб бермасликка қарор қилган.
Маълумот учун, Португалия терма жамоаси 26 июнга ўтар кечаси нимчорак финал доирасида Хорватия билан куч синашиб, 1:0 ҳисобида зафар қучди ва чорак финалга йўл олди.
Изоҳ (0)