«Мир бокса» промоутерлик компанияси раҳбари ва россиялик боксчи Александр Поветкиннинг вакили Андрей Рябинский америкалик боксчи Деонтей Уайлдерни судга бериб, 34,5 миллион доллар талаб қилмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Америкалик боксчининг томони Поветкинни допинг қабул қилганликда оммавий рашивда айблагани учун «Мир бокса» компанияси судга мурожаат қилди.
«‘Мир Бокса’ компанияси Александр Поветкин ва унинг промоутери, компания раҳбари Андрей Рябинский шаънини ҳимоя қилиш учун Нью-Йорк жанубий округи судига даъво аризасини йўллади. Даъво аризаси бўйича WBC версиясининг оғир вазн тоифасидаги чемпиони Деонтей Уайлдер, DiBella Entertainment компанияси ва унинг президенти Лу Дибелла жавоб беради. Даъво миқдори 34,5 миллион долларни ташкил этади», – дейилади хабарда.
Поветкин ва Уайлдер ўртасидаги жанг 21 май куни бўлиб ўтиши режалаштирилганди, бироқ россиялик боксчининг организмида мельдоний қолдиқлари аниқлангани учун жанг номаълум муддатга қолдирилди. WBC Поветкинга нисбатан тергов иши давом этгунига қадар Деонтей Уалдерга ўз титулини ихтиёрий равишда ҳимоя қилиш ҳуқуқини берди. Аввалроқ россиялик боксчининг «B» допинг намунасида 72 нанограмм, «А» намунасида 70 нанограмм мельдоний борлиги аниқланган эди.
Уайлдер томони жанг бекор қилингани учун Поветкин ва «Мир бокса» промоутерлик компаниясини судга бергани ва камида 5 миллион доллар миқдорида товон пулини қўлга киритишни истаётгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)