Мексика шифокорлари охирги саккиз ой давомида мамлакатнинг 419 нафар фуқаросига Зика безгаги ташхисини қўйди. Бу ҳақда, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий ҳафтада эълон қилинган бюллетенга асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Расмийларнинг қайд этишича, 122 миллион фуқарога эга мамлакатда вирус билан касалланганларнинг умумий сони бундан кўпроқ бўлиши мумкин, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам турли сабаблар туфайли тиббий ёрдам учун мурожаат қилмайди.
Касалланганлардан 135 нафари ҳомиладор аёл бўлиб, Зика вируси улар учун жиддий хавф туғдиради. Улардан 20 нафарга яқини фарзандини дунёга келтирган, болаларнинг ривожланишида бирор бир жиддий бузилиш аниқланмаган. Шунга қарамасдан, уларнинг барчаси икки ёшга киргунга қадар мутахассисларнинг кузатуви остида бўлади.