Португалиянинг Correio da Manhã газетаси мамлакат терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ва Португалия футбол федерациясидан нашр мухбирининг отиб юборилган микрофони юзасидан узр сўрашни талаб қилди, деб хабар бермоқда «Sports.ru».
Нашр мухбири терма жамоа футболчилари сайр қилиб юрганида Роналдунинг олдига келиб, «Венгрияга қарши ўйинга тайёрмисиз?» деб савол берди. Роналду эса унинг қўлидан микрофонни тортиб олиб, кўлга улоқтириб юборди.
«Роналду бутун мамлакатни обрўсизлантирадиган ўта жиддий хатти-ҳаракатни амалга оширди. Биз Роналду ва мамлакат федерацияси расмий равишда узр сўрашига ҳақлимиз. Терма жамоа сардори барчага ижобий жиҳатдан намуна бўлиши керак, аксинча эмас», – деди Correio da Manhã TV’нинг жамоат алоқалари бўйича директори Карлуш Родригеш.
Роналду бир неча бор Correio da Manhã TV’ни унинг шахсий ва оилавий ҳаётига оид ёлғон маълумотлар тарқатганликда айблаган. Шу сабабли, 31 ёшли футболчи Correio da Manhã мухбирлари саволларига ҳеч қачон жавоб бермасликка қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, Венгрия ва Португалия ўртасидаги учрашув 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланди. Роналдунинг ушбу ўйиндаги 2 та голи ва 1 та голли узатмаси терма жамоасининг нимчорак финалга йўл олишига ёрдам берди.
Изоҳ (0)