Кенияда «Аш-Шабоб» радикал гуруҳи жангариларининг ҳужуми оқибатида беш нафар полициячи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Мандера округи губернатори Али Роба маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Полиция машинаси Сомали билан чегарадаги Элвак шаҳри яқинида автобусни кузатиб бораётган эди. Машина унга реактив граната келиб тушгандан сўнг портлаб кетганлиги тахмин қилинмоқда.
«Биз ‘Аш-Шабоб’ ҳужумини қоралаймиз, беш нафар офицер ҳалок бўлди», — деди Али Роба.
«Ал-Қоида» халқаро террорчилик ташкилоти билан яқин алоқада бўлган «Аш-Шабоб» радикал гуруҳи Сомалида жойлашган. Гуруҳ мамлакатнинг марказий ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб бормоқда ва БМТнинг гуманитар фаолиятига тўсқинлик қилмоқда.
Изоҳ (0)