Таиланд жанубидаги Паттани провинциясида 20 июнь, душанба куни юз берган портлаш оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчи яраланди. Маҳаллий полициянинг маълум қилишича, портловчи қурилма ҳарбийлар ҳаракатланаётган йўл яқинига жойланган. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«12 нафар аскардан иборат патруль аксарият ҳолларда жангариларнинг нишонига айланувчи ўқитувчилар гуруҳини кузатиб бораётган пайтда портлаш содир бўлган», — деди Нонг-чик туманидаги полиция бошқармаси навбатчи офицери.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўн йилдан ортиқ вақт давомида Яла, Паттани ва Наратхиват жанубий провинцияларида мусулмон султонлигини ташкил этишга уринаётган айирмачиларни портлаш учун жавобгар деб тахмин қилмоқда.
Полициянинг маълум қилишича, Паттанида ўтган дам олиш кунлари мактаб ва кемалар тўхтайдиган жой яқинида иккита кучли портлаш қайд этилган. Портлашлар оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Тартиб қўриқчиларининг маълум қилишича, жангарилар сузиб юрувчи бомбалардан фойдаланган. Махсус контейнерлардаги портловчи моддалар дарё оқими бўйлаб пастга туширилган.
Изоҳ (0)