Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги Бадахшон вилоятида 20 июнь, душанба куни портлаш содир бўлди. Оқибатда саккиз киши ҳалок бўлди, 18 киши жароҳат олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Портлаш Тошкент вақти бўйича 10:30 Кешим шаҳридаги бозор яқинида юз берди. Портловчи моддалар билан тўлдирилган мотоцикл портлаб кетди.
«Дастлабки маълумотларга кўра, саккиз киши ҳалок бўлган, яна 18 киши жабрланган, қурбонларнинг барчаси оддий фуқаролардир», — дея маълум қилди вилоят губернатори вакили Навид Фрутан. Унинг сўзларига қараганда, қурбонларнинг сони ортиши мумкин.
Khaama Press агентлигининг маълумотларига қараганда, портлаш оқибатида 40 киши жабрланган.
Бу 20 июнь куни Афғонистон ҳудудида юз берган иккинчи портлашдир. Аввалроқ Кобулда микроавтобуснинг портлаб кетганлиги маълум бўлган эди. Оқибатда 14 киши қурбон бўлган, саккиз киши жабрланган.
Изоҳ (0)