Россиялик ҳарбий хизматчи Суриянинг Хомс вилоятида, гуманитар ёрдам кўрсатиш маркази яқинида миналаштирилган автомобилни бошқараётган худкушнинг қўпорувчилик хатти-ҳаракатларини бартараф этганидан сўнг олинган жароҳатлар оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Воқеа 15 июнь куни содир бўлди. Россиянинг Суриядаги душман тарафларни яраштириш маркази гуманитар конвойини қўриқлаб келаётган ҳарбий хизматчи — сержант Андрей Тимошенков миналаштирилган автомобилнинг тинч аҳолига гуманитар ёрдам тарқатиш жойига киришга бўлган уринишини бартараф этди. Тимошенков автомобилга қарата ўт очди ва уни тўхтатиб қўйди. Одамлар гавжум жойга кира олмаслигини тушунган худкуш шу ернинг ўзида портловчи ускунани ҳаракатга келтирди. Портлаш оқибатида сержант оғир жароҳатлар олиб, шифохонада ҳаётдан кўз юмди.
«Хмеймим авиабазасида ҳарбий шифокорлар бир суткадан кўп вақт давомида ҳарбий хизматчининг ҳаёти учун курашди, аммо 16 июнь куни Андрей Тимошенков вафот этди. Сержант Тимошенков Андрей Леонидович ўлимидан сўнг қўмондонлик томонидан давлат мукофотига кўрсатилди», — дейилади Россия мудофаа вазирлиги хабарномасида.
Маҳаллий матбуотнинг билдиришича, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи калининградлик денгиз пиёдасидир.
Изоҳ (0)