Япониянинг Окинава оролида 65 минг киши иштирокида оммавий норозилик акцияси бўлиб ўтди. Май ойида оролда АҚШ денгиз пиёдаси маҳаллий аҳоли вакили бўлган қизни ўлдириб қўйган эди, деб эслатади «Ведомости».
Айтилишича, митингда мухолиф партиялар вакиллари билан бир қаторда Окинава префектураси губернатори Такэси Онага ҳам иштирок этган. Губернатор ўлдирилган қизнинг ота-онасидан узр сўраган ҳамда оролда АҚШ ҳарбийлари сонининг қисқартирилишига қаратилган сиёсатни давом эттиришга ваъда берган.
Акция якунларига кўра қатнашчилар расмий Токио ва Вашингтондан қизнинг оиласи ва бутун Окинава аҳолисидан кечирим сўраш талаб қилинган петицияни имзолаган. Шунингдек, намойишчилар АҚШ ҳарбий хизматчиларига нисбатан суд эшитувларини тартибга солувчи низомларни қайта кўриб чиқиш талабини илгари сурган. АҚШ ҳарбийларининг Япониядаги мақоми тўғрисидаги келишувнинг бу пункти 1960-йиллардан буён қайта кўриб чиқилмаганди.
Май ойининг охирида Япония ҳуқуқ-тартибот органлари 32 ёшли америкалик собиқ ҳарбий хизматчи Кеннет Франклинни 20 ёшли окинавалик қиз Рина Симабукурони ўлдиришда айблаб қўлга олган эди. Ҳарбий ўз айбига иқрор бўлди.
Окинавада базаси жойлашган АҚШ ҳарбий хизматчилари бу каби вазиятларга кўп бора тушган. Бу маҳаллий аҳоли орасида кескин норозиликларга сабаб бўлиб келмоқда.
Изоҳ (0)