Космик туристларнинг Ер қуйи орбитасига саёҳати учун битта ўрин нархи 30–40 миллион долларни ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг «Роскосмос» давлат корпорацияси раҳбари Игорь Комаров CNBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Фазодаги биринчи туристларга айланишни истайдиган бадавлат шахслар рўйхати мавжуд. Қуйи орбитал парвоздаги битта ўрин 30–40 миллион доллар туради. Бунинг учун даъвогар бир йил давомида тиббий тестлар ва зарурий тайёргарликдан ўтиши лозим бўлади», — унинг сўзларини келтиради «Интерфакс».
Айтилишича, келажакда туристлар дам олиш кунларини Ойда ўтказиши мумкин бўлади, негаки Европа космик агентлиги Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Япония билан ҳамкорликда доимий Ой базаларини қуришни режалаштирмоқда.
Бугунги кунга қадар етти нафар турист орбитага чиқди. Уларнинг бари Россиянинг «Союз» космик кемаларида орбитал парвозларни амалга оширди.
Изоҳ (0)