Поп-қўшиқчи Принснинг ўлимига унинг опиатларни дозасидан ортиқ қабул қилганлиги сабаб бўлган. Бу ҳақда The Associated Press агентлигига 2 июнь, пайшанба куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакили маълум қилди, дея хабар қилмоқда «Интерфакс».
Унинг сўзларига қараганда, ўтказилган таҳлил натижалари артистнинг ўлимида айнан опиатлар ҳал қилувчи роль ўйнаганини кўрсатган.
Манба, шунингдек, агентликка Принс ўлимидан сўнг терговчилар дарҳол бу аввалроқ унинг шифокори томонидан ёзиб берилган дорилар туфайли юз беганлигини аниқлашга киришганлигини маълум қилди.
Аввалроқ Америка ОАВлари вафот этган қўшиқчи Принснинг организмида кучли оғриқсизлантирувчи «Перкоцет» дори воситасини аниқлаганлиги маълум қилинган эди. Ушбу дори воситаси АҚШда рухсат берилган гиёҳвандлик моддаси бўлиб, кучли оғриқларда фақат шифокор рецептига кўра тайинланади.
Эслатиб ўтамиз, Голливудда таниқли бўлган шифокор Дрю Пински 21 апрель куни 57 ёшида оламдан ўтган америкалик хонанда Принснинг ўлимига қабул қилинган дориларнинг ноўрин бирикуви ва бунинг оқибатида «дозаларнинг тасодифан ошиб кетиши» сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)