1 июнь куни Google бош директори Сундар Пичай Code Conference тадбирида чиқиш қилди. «Яндекс» гуруҳи асосчиларидан бири ва раҳбари Аркадий Волож ҳам залда бўлиб, Пичайга савол беришга уринди, аммо унга навбат етиб келмади, деб маълум қилмоқда TJournal.
Таниқли техножурналист Уолт Моссберг Пичайни турли мавзуларда сўроққа тутди. Йигирма дақиқалик суҳбатдан сўнг залдан саволлар бериш гали келди.
The Verge нашрининг қайд этиб ўтишича, одатда Code Conference доирасида берилган интервьюлардан залдагиларгина баҳраманд бўларди, аммо жорий йилда ташкилотчи — Vox Media суҳбатларнинг кўпчилик қисмини интернетга жойлаштиришга қарор қилди.
Пичай интервьюсининг видеоверсияси чоп этилганидан бир сутка ўтиб ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари савол берувчилар навбатида Аркадий Волож ҳам турганини пайқаб қолди.
Видеонинг бир неча лаҳзаларида (25:03, 25:35 ва 28:35) Волож микрофон ортида туриб саволларни ва Пичайнинг жавобларини тинглаганини кўриш мумкин.
29-дақиқа охирида модератор охирги савол берилишини эълон қилди — бу саволни Пичайга журналист, Facebook’нинг эски инвесторларидан бири ва Google акциядори Дон Грэм берди. У Пичай Еврокомиссия билан боғлиқ муаммони қандай ҳал қилмоқчи эканлигига қизиқиб кўрди.