Индонезия қирғоқ мудофааси кемаси мамлакатнинг Жануби-Хитой денгизидаги иқтисодий ҳудудига кирган Хитой кемасини қўлга олиш чоғида огоҳлантирувчи ўт очишга мажбур бўлган. Бу ҳақда, Straits Times газетаси маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Индонезия Ҳарбий-денгиз кучлари Ғарбий қўмондонлиги расмий вакили Буди Аминнинг сўзларига қараганда, балиқчилик кемасини кузатиб бораётган Хитой Халқ озодлик армиясининг эсминеци экипажи юз берган ҳодиса юзасидан тушунтириш сўраган. Индонезия сув ҳудудини бузганлиги ҳақидаги хабарни олгандан сўнг, ХХР кемаси узоқлашган.
Ҳозирги пайтда кема Ранай шаҳридаги (Риау провинцияси) ҳарбий-денгиз базасида бўлиб, у ерда суриштирув ишлари ўтказилмоқда. Шунингдек, саккиз нафар экипаж аъзосининг тақдирини провинция прокурори кўриб чиқади.
Ҳодиса Жануби-Хитой денгизининг Риау оролида 27 апрель куни юз берган.