Ироқ махсус мўлжал кучлари Ал-Фаллужа шаҳрида ИШИД террорчи гуруҳининг миналаштириш бўйича бош мутахассисини йўқ қилди. Бу ҳақда, мудофаа вазирлиги ҳарбий ахборот марказига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Абу ал-Хорис исмли жангари Ал-Фаллужа ғарбида ўлдирилди. У юк машиналари ва зирҳли транспортёларга портловчи ускуналар ўрнатиш билан шуғулланарди. Шундан сўнг транспорт воситалари худкушлар бошқарувида ҳукумат қўшинлари тўпланган ҳудудларга йўлланар эди.
Илгари Ироқ армияси қўмондонлиги Ал-Фаллужани озод қилиш бўйича операцияда миналар ва портловчи ускуналар ҳарбийларга жиддий хавф солаётганини айтиб ўтганди. Шунингдек, жангариларнинг армия қисмлари яқинида миналаштирилган зирҳли машиналарни портлатиш тактикаси ҳукумат қўшинларига жиддий талафот етказмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)