Россиядаги Ингушетия Республикасининг энг йирик шаҳри — Назранда 100 киши республика клиник шифохонаси ўликхонасига бостириб кириб, полициячиларни қуролсизлантирди ва махсус операция давомида ўлдирилган жангарининг танасини олиб кетди. Бу ҳақда, республика ҳуқуқ-тартибот органларига асосланиб, Meduza хабар бермоқда.
«ТАСС»нинг маълум қилишича, ҳужумда 50 киши иштирок этган. Уларнинг аксарияти жангари Хизри Галаевнинг қариндошлари эканлиги айтилмоқда.
26 май куни Назрань ва Малгобекда ўтказилган аксилтеррор амалиётида беш жангари ўлдирилган, уч нафари қўлга олинган эди. Жангарилар полицияга қуролли қаршилик кўрсатди, уларнинг қароргоҳидан автоматик қурол, граната ва тўппончалар топилди. Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси жангариларнинг ИШИД билан алоқадорлигини таъкидламоқда.
Маълумот учун, Россияда 2002 йилдан эътиборан тўқнашувларда жангариларнинг таналарини қариндошларига бериш тақиқланади. Улар ўлдирилган жойида кўмилади, дафн ўрни қариндошларига хабар қилинмайди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)