G7 етакчилари Қрим қўшиб олингандан сўнг Россияга нисбатан амал қилаётган санкцияларни сақлаш юзасидан фикр билдирди. Бу ҳақда, G7 саммитининг Японияда қабул қилинган декларациясига таяниб, «Газета.ru» хабар беради.
«Биз Россияга қарши санкцияларнинг узайтирилиши Москванинг Минск келишувини тўлиқ бажариши ва Украина суверенитетини ҳурмат қилиши билан боғлиқ эканлигини тасдиқлаймиз. Россия зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ бажаргандан сўнг санкциялар бекор қилиниши мумкин. Шу билан бир пайтда агар Россиянинг ҳаракатлари шуни талаб этса, биз бундан кейин ҳам чекловчи чораларни жорий этишга тайёрмиз», — дейилади декларацияда.
Шунингдек, G7 мамлакатлари Россия билан музокараларни давом эттиришнинг муҳимлигини тан олди.
Декларацияда G7 раҳбарлари Украинадаги инқирозни халқаро ҳуқуққа риоя этган ҳолда дипломатик йўл билан тартибга солиш зарурлигини тасдиқлаганлиги таъкидланади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча, 26 май куни Японияда G7 саммити бошланганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)