Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 24 май, сешанба куни Туркиянинг янги 65-ҳукуматини тасдиқлади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Мазкур ҳукумат президентга Адолат ва тараққиёт партияси етакчиси Биноли Йилдирим томонидан тақдим этилган бўлиб, Йилдирим унинг таркибини Анқарадаги матбуот анжуманида эълон қилди.
Аввалроқ бундан олдинги ҳукуматда транспорт вазири лавозимини эгаллаб келган Йилдирим мамлакатни бошқараётган партиянинг янги раиси этиб сайланди. Шундан сўнг, Эрдўғон бош вазир Аҳмет Давутўғлининг истеъфосини қабул қилди ва Йилдиримга янги вазирлар маҳкамасини шакллантиришни юклади.
Ҳукуматда Тугрул Тюркеш, Меҳмет Шимшек, Нуман Куртулмуш вазир ўринбосари лавозимларини сақлаб қолди. Вейси Кайнак ва Нуриддин Жаникли янги вазир ўринбосарлари этиб тайинланди.
Ташқи ишлар вазири Мавлют Чавушўғли, ички ишлар вазири Эфкан Ала, энергетика ва табиий ресурслар вазири Берат Албайрак ўз лавозимларини сақлаб қолди.
Молия вазири Нажи Агбал, мудофаа вазири Фикри Ишик, иқтисодиёт вазири Нихайт Зейбекчи, маданият ва туризм вазири Наби Авжи, ЕИ ишлари бўйича вазир Умар Челик ҳукуматнинг янги аъзоларидир.
Шу ҳафтада ҳукуматнинг дастури эълон қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ (0)