12—14 май кунлари Жиззах шаҳрида Гёте институтининг Тошкентдаги ваколатхонаси ва OXUS Culture ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамкорлигида «Давлат маданият муассасалари ходимлари учун менежмент» мавзусида семинар тренинглар бўлиб ўтди. Бу ҳақда OXUS Culture ташкилоти матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тренинг давомида иштирокчилар ўзлари учун долзарб бўлган мавзуларда лойиҳалар яратиш, режалаштириш, реклама ва ҳомийлар билан ишлаш, лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича ўз билимларини оширди ва замонавий кўникмаларга эга бўлди.
Фориш тумани маданият ва спорт ишлари бўлимига қарашли 1-тип маданият ва аҳоли дам олиш маркази, Ёшлар ва маданий-маърифий масалалар бўйича мутахассис Лобар Ҳакимова «Маданият ходимлари куни» лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра маданият ходимларининг касб байрами илк бор нишонланиши, самарали меҳнат қилаётган ходимлар махсус кўкрак нишони билан тақдирланиши, ўз махсус либосларини яратиши ва тақдирлаш маросимида ҳаваскорлар томонидан концерт дастури тайёрланиши кўзда тутилмоқда.
Бу лойиҳа бирламчи шаклда Фориш туманида ўтказилиши лойиҳага киритилган. Юқорида кўрсатилган тренинглар республиканинг Наманган, Навоий, Учқудуқ ва Бойсун шаҳарларида ўтказилади.
Изоҳ (0)