12 май, пайшанба куни Қирғизистон парламентининг кўпчилик депутатлари учинчи ўқишда «Хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунга қарши овоз берди. Бу ҳақда, Жўқорғи Кенгаш матбуот хизматига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламентда икки йил муқаддам илгариги чақириқ депутатлари томонидан иккинчи ўқишда овозга қўйилган эди. Биринчи таҳрирга мувофиқ, республика қонунчилигига «хорижий агент» тушунчаси киритилиб, бунда чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан пул ва мол-мулк оладиган ҳамда Қирғизистон ҳудудида амалга ошириладиган сиёсий фаолиятда чет эл манбалари манфаатлари йўлида иштирок этадиган нотижорат ташкилоти тушунилади. Бундай ташкилот даромади ва буромади, шунингдек, ишчилар таркиби ҳамда уларнинг ойлик маошлари давлат органлари томонидан аудит қилиниши кўзда тутилган эди.
Европа давлатлари ва АҚШ ушбу қонун лойиҳасини кескин танқид остига олди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари Руперт Колвиль лойиҳа сиёсий фаолиятни аниқ-равшан таърифламаслигини, бу эса кўплаб ташкилотларни шубҳа остига қўйиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. У Қирғизистон расмийларини уюшмалар эркинлигини халқаро стандартларга мувофиқ таъминлаб беришга чақирди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси жиддий тарзда қайта кўриб чиқилди, лекин, шунга қарамай, депутатлар томонидан рад қилинди.
Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 1,5 мингдан ортиқ турли ноҳукумат ташкилотлар фаолият юритади.
Изоҳ (0)