Футбол бўйича Италия А сериясининг 37-турида Туриннинг «Ювентус» клуби мағлубият аламини тотиб кўрди. Муддатидан аввал чемпионлик масаласини ҳал этган Массимилиано Аллегри жамоаси, А серия билан муддатидан аввал хайрлашган «Верона» майдонида имкониятни бой берди.
Мазкур беллашув 26 май куни 40 ёшни қарши оладиган машҳур италиялик ҳужумчи Лука Тони учун карьерасидаги сўнггиси эди. Учрашувнинг 43-дақиқасида айнан Тони пенальтидан ҳисобни очиб берди ва бу гол «Верона»нинг ғалабасига ҳисса қўшди.
Маълумот учун, Тони жорий мавсум «Верона» сафида 23 та ўйин ўтказиб, 6 та гол уришга эришди. Бир йил муқаддам эса 22 та гол уриб, А серия тўпурарлигини қўлга киритганди.
Италия А сериясида кумуш медаллар масаласи сўнгги турда ҳал бўлади. Бу йўлда кураш олиб бораётган «Наполи» ва «Рома» клублари 37-турда зафар қучди. «Рома» ўз майдонида «Кьево»ни йирик ҳисобда мағлуб этган бўлса, «Наполи» Туриндан ғалаба билан қайтди.
Сўнгги турда қандай натижа қайд этилса ҳам, Миланнинг «Интер» клуби 4-ўринда қолади. Халқаро майдонга йўлланма берувчи кейинги икки поғонадан бири «Фиорентина»га насиб қилади. Яна битта йўлланма учун «Милан» ҳамда «Сассуоло» клублари кураш олиб боради.
37-турнинг энг қизиқарли ўйини «Карпи» майдонида бўлиб ўтди. Бош ҳакам «Лацио» дарвозасига иккита пенальти тайин қилганидан ташқари, римликларнинг 2 та ўйинчисини майдондан четлатди. Шунга қарамай, меҳмонлар сафардан ғалаба билан қайтди.
Лига дебютанти ҳисобланган «Фрозиноне» битта мавсумнинг ўзидаёқ А серия билан хайрлашди. Қуйи лигага равона бўладиган учинчи клуб номига 38-турда ойдинлик киритилади. «Палермо» ҳисобида 36, «Карпи»да 35 очко бор. Сўнгги турда «Палермо» ўз майдонида «Верона»ни қабул қилса, «Карпи» сафарда «Удинезе» меҳмони бўлади.
Италия А серияси 37-тур беллашувлари 9 май, якшанба
Изоҳ (0)