Покистонда қабилавий кенгашнинг 17 ёшли қизни ёқиб юборишда айбланаётган 13 аъзоси террорга қарши кураш тўғрисидаги қонун меъёрларига риоя қилмаганлиги учун суд олдида жавоб беради. Бу ҳақда, AP’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Қизнинг танаси 29 апрель куни Исломободдан 50 километр нарида жойлашган Донга-Гали туманида топилди. Полиция ходимларининг сўзларига қараганда, қабилавий кенгаш қиз севишганлар жуфтлигининг қочишига ёрдам бергани боис уни ўлдиришга буйруқ берган.
Полиция версиясига кўра, қиз қишлоқ четидаги жирға (пуштун қабилалари кенгаши) мажлисига олиб келиниб, наркотик ёрдамида карахт аҳволга келтирилган. Сўнг у жуфтлик қочган микроавтобус ичига солиниб, ёқиб юборилган.
Қўлга олинганлардан бири айбини тўла тан олиб, бу бошқаларга ибрат бўлишини таъкидлади. Қизнинг отаси жиноятчиларнинг ҳам омма олдида ёқиб юборилишини талаб қилмоқда. Қизнинг онаси эса бунга парво қилмаяпти — у ҳам тергов остидадир.
Покистонда ҳар йили минглаб аёллар қабилавий ор-номус туфайли амалга ошириладиган қотилликлар қурбони бўлади.
Изоҳ (0)