Европа Чемпионлар Лигасининг финал чиптасини қўлга кирита олмаган «Манчестер Сити» футбол клуби бош мураббийи Мануэль Пеллегрини «Реал»га қарши ўйиндан кейин ўз фикрини билдириб, натижадан ҳафсаласи пир бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда «Чемпионат» хабар берди.
«Натижадан ҳафсалам жуда пир бўлди. Хавфли ҳужумларга бой бўлмаган ўйинда ҳар икки клуб тенг футбол кўрсатганди», — деб айтиб ўтди Мануэль Пеллегрини.«Манчестер Сити» устози клуб сардори Венсан Компанининг 10-дақиқадаёқ жароҳат олиб, майдонни тарк этиши натижага ўз таъсирини кўрсатмаганини қўшимча қилди: — «Ўйин давомида марказий ҳимоячини алмаштиришга мажбур бўлиш яхши эмас, албатта. Лекин бу ҳолат натижага таъсир кўрсатди, деб ўйламайман. Бизда муаммо ҳимоя чизиғида эмас, худди «Реал»даги каби ҳужум чизиғида кузатилди ва гол уриш учун етарлича имкониятга эга бўлмадик», — деб фикр билдирди мутахассис.
Маълумот учун, «Манчестер Сити» 2015/16 йилги мавсум ҳисобидан 4 та турнирда иштирок этиб, фақатгина Англия Лига Кубогида бош совринга эга чиқди.