Американинг Луизиана штатида 29 апрель, жума куни қора танли америкалик эркак озод этилди. У кейинчалик конституцияга зид деб топилган ҳукм туфайли 41 йиллик қамоқ жазосини ўтади. Бу ҳақда, Reuters агентлиги маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
1974 йилда Гэри Тайлер 13 ёшли оқ танли Томас Уеберни ўлдирганлиги учун ўлим жазосига маҳкум этилган эди. Қора танли ўсмир дўстлари билан автобусда мактаб ўқувчилари, жумладан, Уебернинг олдидан ўтиб кетаётганда, ўқувчиларга қарата ўқ узилган. Автобусда тинтув ўтказилганда, тўппонча топилган. Полиция фақат оқ танли болаларнинг кўрсатмасига таяниб, Тайлерни ҳибсга олган. Ишни кўриб чиққан оқ танли суд ҳайъати афроамерикалик ўсмирни бир овоздан айбдор деб топган.
1976 йилда Тайлерга нисбатан тайинланган ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган. Ўша йили Луизиана ва бошқа штатларда ўлим жазоси бекор қилинганди. Кейинчалик гувоҳлар ўз кўрсатмаларини қайтариб олганидан сўнг расмийлар унинг жазо муддатини уч марта қисқартирди.
АҚШнинг бешинчи округи апелляция суди ишни қайта кўриб чиқиб, 1974 йилда чиқарилган ҳукмни конституцияга зид деб ҳисоблади. Суд 16 ёшли ўсмир вояга етган шахс сифатида судланган, бундан ташқари, унга айбсизлик презумпциясидан фойдаланиш имконияти берилмаган деб топди.
Луизианада вояга етмаган жиноятчилар учун умрбод қамоқ жазоси бекор қилингандан кейингина адолат қарор топди. Бу вазият такрорий суд мажлисини ўтказиш имконини берди ва унда Тайлер айбига иқрор бўлиб, 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У икки марта кўпроқ муддат қамоқда ўтирганлиги учун бирданига озод қилинди.
Изоҳ (0)