Нидерландия, Британия ва Хитой вакиллари бўлган олимлар инсоннинг ёш ёки қари кўринишига жавоб берадиган генни аниқлади. Бу ҳақда, Current Biology журналига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Роттердамдаги Эразм университети ходимлари ҳамкасблари билан биргаликда рақамли фотосуратлар ёрдамида ёшнинг ташқи белгилари геном таҳлилини ўтказди. Тадқиқотда 2693 киши қатнашди. Жами саккиз миллиондан ортиқ бир нуклеотидли полиморфизмлар таҳлилдан ўтказилди.
Аниқланишича, аниқ-равшан кўринадиган ёш 1 тип меланокортинли рецептор генидаги (MC1R) кўплаб бир нуклеотидли полиморфизмлар билан боғлиқдир. Бу рецептор пигмент ҳужайраларида жойлашган бўлиб, меланин синтезини бошқаради ва сочнинг, терининг ранги ҳамда қуёш нурига таъсирчанликни белгилаб беради.
Ёшнинг ташқи белгиларига баҳо бериш учун тадқиқотчилар 30 нафар британиялик респондентдан фотосуратлар бўйича ёшни аниқлашни сўради. Маълум бўлишича, MC1R варианти бўйича гомозиготали одамлар ўз реал биологик ёшидан икки ёшга каттароқ кўринар экан.
Ташқи ёшнинг MC1R гени варианти билан боғлиқлиги реал ёш, жинс, тана ранги, қуёш таъсирига боғлиқ эмаслиги маълум бўлди. Шу тариқа, MC1R’нинг инсоннинг ташқи кўринишига таъсири унинг меланин синтези жараёнига ўтказадиган таъсирига боғлиқ эмас.
Тадқиқот муаллифларидан бири Манфред Кайзернинг таъкидлашича, икки ёш унча катта тафовут бўлиб кўринмаслиги мумкин. Аммо ташқи кўриниш нафақат генларга, балки ташқи муҳит таъсирига ҳам боғлиқдир. Шу боис бу икки жиҳатнинг уйғунлашуви қарилик белгиларини сезиларли даражада кучайтириб юбориши мумкин.
Изоҳ (0)