Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида Россиянинг «Лукойл» компанияси кўмагида иккита электрон таълим кабинети очилди. 28 апрель куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Бухоро шаҳар ҳокими Валижон Ўринов, шунингдек, «Лукойл Ўзбекистон Оперейтинг Компани», «Ўзбекнефтгаз» ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».
«Бундай ўқув хоналарининг, шу жумладан, ‘Лукойл’ компанияси ҳисобидан жиҳозланган электрон таълим кабинетининг очилиши Бухоро нефть-газ коллежи ҳамда ‘Лукойл Ўзбекистон Оперейтинг Компани’ ўртасидаги ҳамкорликнинг фаол босқичини бошлаб беради», — деди маросим чоғида коллеж директори Маликжон Муродов.
«Лукойл» ташкилий ривожланиш ва карьерани бошқариш департаменти бошлиғи Юрий Пихтовниковнинг сўзларига қараганда, компания коллежни Қандим газни қайта ишлаш мажмуасига персонал етказиб берувчи муассаса сифатида кўрмоқда.
Кабинетлар очилиши қаторида коллежда «Лукойл Ўзбекистон Оперейтинг Компани» ишчиларининг ва талабаларнинг ГҚИМ учун персонал тайёрлашга қаратилган таълим курслари бошланди.
Изоҳ (0)