Ҳиндистон жанубида ҳукм сураётган иссиқ об-ҳаво туфайли охирги икки ҳафта мобайнида камида 200 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда, мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Қурбонлар Одишья, Телангана, Андхра-Прадеш штатларида қайд этилди. Фақатгина Телангана штатида қурбонлар сони 100 кишидан ошди.
«Биз ёз мавсуми энг иссиқ палласига етмай туриб қурбонлар сони ҳайратланарли даражада кўп бўлаётганини қайд қилмоқдамиз, бу бизни фавқулодда чоралар кўришга мажбур этмоқда», — тан олди Андхра-Прадеш штати бош вазири Чандрабабу Найду.
Юқорида тилга олинган штатларда кундузги соатларда ҳаво ҳарорати 43 даражадан ошмоқда; бу меъёрдан 5–6 даража юқоридир. Энг юқори ҳарорат Одишьяда кузатилди — штатнинг катта қисмида Цельсий бўйича 46 даражада иссиқ ҳаво ҳукм сурмоқда. Ўтган ҳафта мобайнида бу ерда иссиқ уришидан камида 45 киши ҳалок бўлди.
Прогнозларга кўра, бу йили Ҳиндистон жанубида ҳаво ҳароратининг энг юқори кўрсаткичи 48 даражадан ошади.
Изоҳ (0)