Футбол бўйича Англия Премьер-лигасининг 34-тури «Сток Сити» ва «Тоттенҳэм» клублари ўртасидаги учрашув билан ўз якунига етди. Мамлакат чемпионлиги учун кураш олиб бораётган Лондон клуби унда «Сток Сити»ни йирик ҳисобда мағлуб этди.
Беллашувда ҳужумчи Ҳарри Кейн ҳамда ярим ҳимоячи Деле Алли томонидан қайд этилган иккита дубл «Тоттенҳэм»га «Лестер» билан очколар фарқини 5 та қилиб олиш имконини берди. 34-турдан кейин «Лестер» 73 очко билан турнир жадвалини бошқариб турган бўлса, «Тоттенҳэм» ҳисобида 68 очко бор.
Ярим ҳимоячи Деле Алли мазкур турдан кейин Премьер-лиганинг 1 та мавсумида 10 та гол урган энг ёш ярим ҳимоячига айланиб олди. Жорий мавсум ҳисобидан 10-голини урганида Алли 20 ёш-у 7 кунлик эди. Алли барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда жорий мавсум «Тоттенҳэм» учун 45 та ўйин ўтказиб, 10 та гол урди ва 11 та голли пас узатди, деб ёзди «Чемпионат».
Ҳарри Кейн эса «Сток Сити» дарвозасига урилган 2 та голдан кейин тўпурарлар рўйхатида яна якка пешқадам бўлиб олди. Эндиликда унинг ҳисобида 24 та гол мавжуд. «Лестер» ҳужумчиси Жейми Вардида бу кўрсаткич 22 тани ташкил этмоқда.
Маълумот учун, «Сток Сити» уй учрашувларини ўтказадиган «Бриттаниа» стадионида ҳали ҳеч бир клуб 5 та ўйинда зафар қучмаганди. «Тоттенҳэм» эса буни уддалай олди. «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Челси» клублари мазкур стадионда 4 мартадан зафар қучган.
Англия Премьер-лигаси 34-тур учрашуви 18 апрель, душанба
Изоҳ (0)