Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида давом этаётган дзюдо бўйича Осиё чемпионатининг иккинчи куни доирасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сойиб Қурбонов кумуш медаль соҳибига айланди, деб хабар беради «Sports.uz».
Бугун, 16 апрель куни -100 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан Сойиб Қурбонов биринчи даврада Хитой Тайпейи вакилини, чорак финалда Эрон терма жамоаси аъзосини, ярим финалда эса қозоғистонлик Максим Раковни доғда қолдирди. Финалда эса ўзбекистонлик дзюдочи Лондон–2012 Олимпиадасининг совриндори, мўғулистонлик Тувшинбая Найданга енгилди.
Шунингдек, 16 апрель, шанба куни -100 килограмм вазн тоифасида иштирок этган яна бир ўзбекистонлик дзюдочи Рамзиддин Саидов бронза медалини қўлга киритди.
Аввалроқ Диёрбек Ўрозов ва Мирали Шарипов мос равишда Осиё чемпионатининг кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган эди.
Маълумот учун, мазкур Осиё чемпионатида Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколари ҳам ўйналмоқда. Хусусан, биринчи ўрин соҳиблари 400, кумуш медаль совриндорлари 260, учинчи ўрин эгалари эса 160 рейтинг очкосига эга бўлади.
Изоҳ (0)