2016 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси 2004—2015 йилларда фойдаланишга топширилган спорт иншоотлари ва умумтаълим мактабларининг спорт залларини қайта жиҳозлаш бўйича манзилли дастурга киритилган 212 та спорт иншооти ва 6892 та умумтаълим мактабининг спорт залларини 28,3 миллиард сўмлик 93 номдаги спорт анжомлари билан жиҳозлайди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Жамғарманинг минтақавий филиаллари томонидан 2016 йилнинг биринчи чорагида 2978 та спорт мусобақаси ташкиллаштирилди (2350 та қишлоқ жойларида) ва уларда 627 598 нафар спортчи (455 687 нафари қишлоқ жойларидан), шундан 265 294 нафар қизлар иштирок этди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2002 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 2003—2015 йиллар мобайнида жами 2205 та иншоот қуриб фойдаланишга топширилди. Улардан 1922 таси спорт иншооти, 283 та болалар мусиқа ва санъат мактабидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда 2,6 миллиондан ортиқ бола спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Шундан бир миллиондан ортиғини қизлар ташкил қилади.
Изоҳ (0)