Англия футбол лигаси 2013/2014 йилги мавсумда Чемпионшипда ғолиб чиққан ҳамда Англия Премьер-лигасига йўл олган «Лестер» жамоасини ўша мавсумда молиявий фэйр-плейни бузганликда гумон қилиб, клубга нисбатан суриштирув ишларини давом эттирмоқда, деб хабар беради «Чемпионат».
«Лестер» президенти Вичай Шриваддханапрабха клубни 2010 йилда сотиб олиб, ҳозирги кунгача 100 миллион фунт стерлинг сарфлади. 2014 йилда «Лестер» жамоаси раҳбарияти Trestellar Ltd компанияси билан ҳамкорликда клуб брендини Буюк Британия ва Жануби-Шарқий Осиёда реклама қилиб, ҳомийлик шартномаларидан тушган савдо даромади ва пул миқдорини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлди. 2013 йилда жамоа 34 миллион фунт стерлинг зарар билан мавсумни якунлаган эди, лекин ишлаб олинган даромад туфайли клуб бюджетидаги тақчилликни камайтиришга эришилди.
«Лестер» жамоасининг 2014/15 йилги мавсумдаги молиявий ҳисоботида маълум қилинишича, Trestellar Ltd компанияси ўз логотипини жамоа формаларига жойлаштириш ва «Уокерс» стадионини қайта номлаш ҳуқуқини King Power компаниясига сотган. Бироқ «Лестер» президенти формалардаги рекламани жойлаштиришни ва стадионнинг номини King Power Stadium’га ўзгартиришни келишувдан олдин амалга оширган. Trestellar Ltd компанияси билан шартнома имзолаганидан сўнг «Лестер»нинг даромади бир мавсумда 10,8 миллион фунт стерлингга ошган ва айнан шу ҳолат Англия футбол лигасини «Лестер»га нисбатан суриштирув ишини бошлашга ундаган.
Изоҳ (0)