3 апрель куни Австралиянинг Telstra компанияси Free data day акциясини ўтказди. Унинг доирасида бир кун давомида мобил интернетдан фойдаланганлик учун тўлов олинмади. Акцияда қатнашган фойдаланувчи Жон Сасвари бир кун ичида деярли 1 терабайт маълумот кўчириб олишга муваффақ бўлди, деб хабар беради TJournal.
Австралиянинг энг йирик алоқа оператори бўлган Telstra компаниясида йил бошидан бери учта йирик авария содир бўлгани боис 16 миллион абонентнинг интернет ва телефония хизматларидан фойдаланишида узилишлар кузатилди.
Бунинг бадали сифатида компания ҳар бир узилишдан сўнг биттадан Free data day акциясини ўтказди. Охирги акция давомида 27 ёшли Сасвари имкон қадар кўпроқ файл кўчириб олиш учун ўз смартфонида wi-fi’га уланиш нуқтасини ёқди. Бир кун мобайнида у «Симпсонлар» мультфильмининг 24 мавсумини, «Афсоналар кушандаси» шоусининг 14 мавсумини, «Википедия» маълумотлар базаси нусхасини кўчириб олишга, шунингдек, ўз файллари ва фотосуратларидан булутли ресурсларга нусха кўчиришга улгурди.
Интернетнинг максимал тезлиги 180 мегабит/секундни ташкил қилди.
Умуман олганда, Telstra абонентлари шу бир кун давомида 2686 терабайт маълумот кўчириб олди. Биринчи акцияда бу кўрсаткич 1841 терабайтга тенг бўлган эди.
Изоҳ (0)