9 апрель, шанба куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Соҳибқирон таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Нозим Ҳабибуллаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Ольс Амир Темур шахси, буюк хизматларини таъкидлаб ўтди. «Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига – 680 минг қадам» шиори остида Шаҳрисабздан Тошкентга пиёда келган 65 ёшли ҳаваскор спортчи Абдужаббор Холбоев Соҳибқирон руҳи унга маънавий куч бағишлагани ҳақида сўзлади.
«Ёшлар Амир Темур бобомизнинг ибратли ҳаёти, адолатпарварликка йўғрилган фаолияти ҳақида дунё олимлари томонидан билдирилган фикрларни ўзбек, инглиз, рус, француз, япон ва бошқа тилларда ўқиб берди. Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Темурийлар тарихи давлат музейида ‘Амир Темур ва Темурийлар давридаги илм-фан ва маданият ривожининг жаҳон тамаддунидаги ўрни’ мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Темурийлар тарихига оид энг яхши тасвирий ва публицистик асарлар танлови ғолиблари тақдирланди», — дейилади ЎзА хабарида.
Изоҳ (0)