Ўзбекистон терма жамоаси ва Украина чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган Максим Шацких футболчилик фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилди, деб хабар беради «Uff.uz».
37 ёшли Максим Шацких энди мураббийлик фаолиятини бошлайди. Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Украинанинг «Динамо–1999» жамоасини бошқараётган Виталий Косовскийга ассистентлик қилади.
«Мураббийлик фаолияти ҳақида анчадан бери ўйлаб юрган эдим. Кичик жароҳат олгач, футболчилик фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Жароҳатим у қадар жиддий эмас. Агар таклиф кутадиган бўлсам, ёзгача сабр қилиш лозим эди. Бироқ аниқ таклиф олмадим. Ҳозирча мураббийликни ўрганаман ва тажриба тўплайман», — деди Шацких.
Шацкихнинг сўнгги иш жойи Винниковнинг «Рух» клуби бўлган эди. У 1999–2009 йилларда «Динамо» таркибида ҳаракат қилган ва 215 ўйинда 97 та гол урганди. Киевнинг «Арсенал» жамоасида эса 85 ўйинда 22 та гол киритган. У, шунингдек, Украинанинг «Черноморец», «Говерла» клубларида ва Қозоғистон чемпионатида ҳам тўп сурган.
Максим Шацких Ўзбекистон терма жамоаси сафида 61 ўйинда майдонга тушиб, 34 та гол киритган. У Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг яхши тўпурари ҳисобланади.
Изоҳ (0)