Россиянинг «ЮКОС» миллий компанияси собиқ раҳбари, мухолиф сиёсатчи Михаил Ходорковский нефть компаниясини қонуний асосда харид қилганини айтди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилди.
Илгарироқ Россия тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркин Ходорковский компанияни ўз пуллари ҳисобига эмас, сохта тузилмалар орқали қонунга хилоф равишда сотиб олганини айтган эди.
«Мен уни, бошқалар сингари, ўша пайтдаги қонунлар асосида харид қилган эдим», — деб ёзди Ходорковский Facebook’даги саҳифасида.
«7 йиллик бошқарувим мобайнида компания икки баробар кўпроқ нефть қазиб, қайта ишлаб чиқара бошлади, разведка ва янги технологиялар туфайли унинг захиралари икки баробарга бойиди. 1995 йилда компания, бир баррель нефть нархи 17–20 доллар бўлгани ҳолда, зарарга ишлаётганди, 1999 йил бошида эса, нефть нархи 12–14 долларга тушиб кетса ҳам, компания даромадга кирган эди», — деб қўшимча қилди у.
Шунингдек, Ходорковский Гаага суди Россия унга тўлашини белгилаган 50 миллиард долларга эҳтиёжи йўқлигини, аммо «ЮКОС»нинг собиқ ходими Алексей Пичугин қамоқдан чиқарилгунига қадар бундан босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)