Huawei Tech Investment компаниясининг бош директори Ван Пэн 2016 йилнинг 17 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га ташриф буюрди. Жаноб Ван Пэнга компаниянинг Маркетинг бўлими раҳбари Решат Болтаев ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети матбуот хизмати хабар беради.
Huawei Tech Investment Ташкент компанияси Хитойдаги Huawei компаниясининг бир қисми бўлиб, ахборот-коммуникация технологиялари бозоридаги энг йирик иштирокчилардан бири ҳисобланади. Шунингдек, компания Ўзбекистондаги IT-бозорнинг етакчиларидан бири ҳисобланиб, унинг ишланмалари ва ечимларидан Ўзбекистоннинг йирик ташкилотлари фойдаланади.
Мазкур учрашув IUT ҳамда Huawei Tech Investment ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув давомида IUT ректори Шерзод Шерматов университет томонидан IT-бозори учун тайёрланаётган кадрлар тўғрисида гапириб берди ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини таклиф қилди.
Томонлар юқори малакали кадрларни тайёрлаш учун ҳамкорликдаги ўқув дастурлари ва семинарларни ташкиллаштириш, шунингдек, талабаларни Huawei Tech Investment компаниясида малакасини ошириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Шунингдек, Huawei Tech Investment раҳбари жаноб Ван Пэн IUT вакилларини компаниянинг университетлар билан ҳамкорлик соҳасидаги ташаббуслари билан таништириб ўтди. Учрашув давомида томонлар узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш истагини билдирди.
Изоҳ (0)