«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Саломатлик поезди» Навоий вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилаётган «Саломатлик поезди» хайрия тадбирлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг чекка, экологик ноқулай ҳудудлари аҳолиси, жумладан, аёллар ва болалар, кам таъминланган оилалар аъзолари, кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.
2015 йилда ташкил этилган шундай тадбирларда олти мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилган. Жойлардаги юздан ортиқ тиббий ва ижтимоий муассасаларга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, витаминлар, тиббиёт жиҳозлари, санитария ва гигиена воситалари топширилган.
Навоий вилоятига йўл олган навбатдаги «Саломатлик поезди»нинг юқори малакали шифокорлари ҳамда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондининг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Тадбир давомида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли ва ногиронларга, тиббий-ижтимоий муассасаларга 650 миллион сўмдан зиёд дори-дармон, гигиена воситалари етказиб берилади.
Изоҳ (0)