Кеча, 16 март куни ОЧЛ 3-тури доирасида «Бунёдкор» жамоаси Тошкентда Эроннинг «Зоб Аҳан» клубига қарши баҳс олиб борди. Учрашувда ҳисоб очилмади ва жамоалар нурсиз дуранг қайд этди. Ўйиндан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида «Зоб Аҳан» устози Яҳё Гулмуҳаммади бўлиб ўтган учрашув борасида ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар беради «Бунёдкор» матбуот хизмати.
«Учрашув осон ўтмаслигини таъкидлаган эдим. Ҳимоя чизиғидаги тартибли ўйинимиз туфайли Тошкентдан бир очко билан қайтяпмиз. Шогирдларим бугун бор кучлари билан ҳаракат қилди. Улардан хурсандман. Иккала жамоада ҳам гол уриш учун вазиятлар бўлди. Ўйлашимча, ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолган посбонлар бугунги баҳснинг энг яхшилари бўлди.
Иккинчи бўлимда ‘Бунёдкор’ тажовузкор ўйин кўрсата бошлади. Бундай паллада кўпроқ ҳимояни мустаҳкамлаш ҳақида ўйлаб, ҳужумга камроқ ўтдик. Исфаҳонда бўладиган баҳс қайсидир маънода биз учун осонроқ ўтади. ‘Бунёдкор’, ‘Лаҳвия’ ва ‘Ан-Насср’ клубларини Осиёнинг кучли жамоалари, деб ўйлайман. Ушбу квартетдан кейинги босқичга чиқиш ҳеч кимга осон бўлмайди. Аммо биз охиригача курашамиз», – дейди Яҳё Гулмуҳаммади.
Маълумот ўрнида, «B» гуруҳи 3-туридан сўнг «Зоб Аҳан» 5 очко билан иккинчи, «Бунёдкор» эса 2 очко билан учинчи поғонани эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)