Германия чемпионати 26-туридан ўрин олган Дортмунднинг «Боруссия» ва «Майнц» клублари ўртасидаги (2:0) ўйин вақтида стадиондаги мухлислардан бири вафот этди, яна бири юрак хасталиги туфайли шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда «Sports.ru» хабар бермоқда.
«Футболдан ҳам муҳим нарсалар бор», – деб ёзилади ўйин сўнггида Дортмунд клубининг Twitter’даги расмий саҳифасида. 20 дақиқа давомида сукут сақлаб келган 81 минг кишилик стадион ўша вақт You’ll Never Walk Alone қўшиғини куйлай бошлади.
Danke. // Thank you. #ynwa #rip #bvbm05 pic.twitter.com/VnSIBmNZeq
— Borussia Dortmund (@BVB) March 13, 2016
You’ll Never Walk Alone қўшиғи ўйин вақтида юрак хуружидан вафот этган мухлис хотирасига куйланди. Стадиондаги мухлислардан яна бири юрак хасталиги туфайли шифохонага ётқизилди. Шифокорлар унинг ҳолатини кузатиб боряпти.
Мухлиснинг вафот этгани ҳақида стадиондагилар таблодаги билдирги орқали хабар топди. Учрашув якунига етганидан сўнг, бўлиб ўтган воқеага ҳамдардлик билдириб, ўз жамоасини қўллаб-қувватлашдан тўхтаган «Майнц» мухлисларига Дортмунд клуби расман миннатдорчилик билдирди.
Учрашувдаги иккинчи голни дортмундлик мухлислар ҳам, футболчилар ҳам нишонламади. Ўйиннинг асосий вақти якунига етгач, ҳакам бир сония ҳам вақт қўшиб бермади.
Ўйин тугагач, «Боруссия» футболчилари бир-бирини қучоқлаган ҳолда стадиондаги мухлислар томон юзланди. Мухлислар яна You’ll Never Walk Alone қўшиғини куйлади.
Изоҳ (0)