Германиянинг Mobile эълонлар сайтида Lamborghini Veneno суперкари сотувга қўйилди. Ушбу модель уч ададда чиқарилган. «2» серия рақами остидаги купе 9,980 миллион еврога баҳоланди, деб хабар беради Motor.
Суперкарни Япониянинг Reckless Co. Ltd. дилерлик маркази сотувга қўйган. Марказ вакиллари машинани дунёнинг исталган нуқтасига етказишга ҳозирлигини билдирган.
Машина 840 километр йўл юрган.
Lamborghini Veneno 12 цилиндрли, 6,5 литр ҳажмли, 750 от кучига эга, етти диапазонли роботлаштирилган ўтказмалар қутиси билан ҳаракатга келтириладиган двигателда ишлайди. Купе 100 км/соат тезликка 2,8 секундда чиқа олади. Максимал тезлиги — 355 км/соат.
Суперкар 2013 йили Lamborghini’нинг 50 йиллиги муносабати билан ишлаб чиқарилган эди. Модель 1914 йилда испан корридасида машҳур бўлган энг тезкор, кучли ва агрессив ҳўкизнинг шарафига Veneno номини олган.
Кейинчалик Veneno’нинг «родстер» кузовига эга кўриниши чиқарилди. АҚШнинг Edmunds нашри моделни «Италияда фашизмдан кейинги энг ёмон воқеа» деб атади.
Суперкар чиқарилган йили унинг нархи 3 миллион еврони ташкил қилган эди.
Купенинг қолган икки нусхаси айни кунларда АҚШдадир.
Изоҳ (0)