Бугун, 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистондаги Британия Кенгаши билан ҳамкорликда «Халқаро ҳамкорлик, замонавий таълим ва илмий-тадқиқот иши» мавзусида онлайн-тренинг ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Онлайн-тренинг олий таълимдан кейинги таълим самарадорлигини таъминлаш ҳамда олий таълим муассасаларида олий малакали педагог кадрлар тайёрлаш, уларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг хорижий мамлакатлар тажрибасини муҳокама қилишга бағишланди.
Онлайн-тренингда Республикадаги барча олий таълим муассасалари вакиллари (проректорлари, ўқитувчилари, катта илмий ходим-изланувчилар, магистрантлар ва иқтидорли талабалар), шунингдек, британиялик ҳамкорлар иштирок этди. Хусусан, Бата университети профессори Иан Кроуффорд, Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми раиси Ситхарт Монту Саксена, Бирмингем Сити Университети профессори Фатиме Раби-хан ва Лондон Метрополитан Университети профессори Даниэла Даэр халқаро стандартларга мос келувчи таълим сифатини таъминлаш учун олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини модернизациялаш ва такомиллаштириш бўйича тажриба алмашди.
Онлайн-тренинг натижасида хорижий ва миллий экспертлар ўқув дастурларини ва олий таълим муассасалари учун илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик хусусида келишиб олди.
Изоҳ (0)