Бугун, 2 март куни Осиё Чемпионлар Лигаси «C» гуруҳи 2-тури доирасида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг «Пахтакор» клубини қабул қилади. Мазкур учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида «Пахтакор» устози Нўъмон Ҳасанов ва ярим ҳимоячи Суҳроб Бердиев иштирок этди, деб хабар беради клуб матбуот хизмати.
- «Ал Ҳилол» Осиёнинг энг кучли клубларидан бири саналади. Ўйинга келсак, биз ғалаба учун келдик. Чиройли футбол кўрсатиб, мухлисларни хурсанд этишни хоҳлаймиз. Тошкентда бўлиб ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида бизда яхши имкониятлар бўлди, бироқ улардан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда эса йигитлар характер кўрсатишди. Бутун беллашув давомида фаоллик кўрсатиб, ҳужумкор футбол намойиш этишнинг имкони йўқ. Жамоамизда биз амал қиладиган ўйин фалсафаси мавжуд. Уни янада шакллантиришга интиламиз, — дейди Нўъмон Ҳасанов.
- Рақиб кучли, лекин биз ўйинга жуда яхши тайёрландик. Баҳснинг аҳамиятини яхши тушуниб турибмиз. Ички чемпионатда мавсумни ҳали бошламадик, бироқ шундай ўйинлар бизга ишонч келтиради. Осиё Чемпионлар Лигасидаги тажриба ички мусобақаларда асқотади. Мураббийлар кўрсатмаларини бажариб, учрашувда зафар қучишга ҳаракат қиламиз, — дейди «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Суҳроб Бердиев.
Маълумот учун, «Ал-Ҳилол» — «Пахтакор» учрашуви бугун, 2 март куни Ар-Риёд шаҳридаги Prince Faisal bin Fahd Stadium стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 22:30 да старт олади.
Изоҳ (0)