Россия мудофаа вазирлиги Bellingcat халқаро тадқиқот гуруҳининг айбловларини инкор қилмоқда. Meduza нашрининг «РБК» келтирган маълумотлар асосида ёзишича, Украина шарқида қулаган Малайзиянинг Boeing MH17 самолёти ҳалокатига Россия ҳарбийларининг алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳисоботи бу эътирозларга сабаб бўлмоқда.
«Қуролланишда бўлган бирорта ҳаво ҳужумига қарши мудофаа мажмуаси Россия—Украина чегарасини кесиб ўтмаган», – дейилади нашрнинг сўровига мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан берилган жавобда.
Идора вакили Алексей Комаров Bellingcat’нинг ҳисоботларини «конспиратив назария» деб атаб, улар «ҳатто изоҳлашга арзимайди», деб ҳисоблади.
«Муқаддам Bellingcat чоп этган материаллар кўп бора блогерлар ва экспертлар тарафидан инкор қилинганди», – деб таъкидлади у.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Bellingcat Украина шарқида Малайзиянинг Boeing MH17 самолёти уриб туширилиши борасидаги янги фактлар ошкор этилган ҳисоботни эълон қилди. Ҳужжатда айтилишича, самолёт Россиянинг 53-зенит-ракета бригадаси ҳарбий хизматчилари томонидан «Бук» ускунаси ёрдамида уриб туширилган.
Гуруҳ мутахассислари самолётни уриб туширишга алоқадор бир неча ҳарбий хизматчининг номини келтирди. Шунга қарамай, таъкидланишича, жиноятни ким ижро этганидан қатъий назар, «MH17 йўловчиларини Россия қуролли кучлари ва, афтидан, россиялик ҳарбийлар томонидан тақдим этилган қурол ёрдамида ҳалок қилиш учун жавобгарлик Россия Федерацияси мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Владимир Путин зиммасидадир».
Изоҳ (0)