Деҳли шаҳри полиция ходимлари адашиб қолган кекса аёлнинг оиласини Twitter’дан фойдаланиб қидириб топди. Mashable нашрининг маълум қилишича, бунинг учун икки соат вақт керак бўлди, деб хабар беради «Hi-tech.mail.ru».
Деҳли шаҳри полицияси эрталабки ибодатдан сўнг ибодатхона остонасида турган кекса аёлни учратди. 80 ёшли аёл Альцгеймер хасталиги туфайли уйга қайтиш йўли ҳамда манзилини эслай олмаган.
Шундан кейин шаҳар полицияси комиссар ўринбосари Twitter’га аёлни таниган кишилар полиция бошқармасига мурожаат қилиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарни жойлаштирди. Шаҳарнинг машҳур тадбиркорларидан бири комиссар ўринбосарининг твитини ўзининг Facebook’даги саҳифасига кўчирди.
Орадан икки соат ўтмасдан, кекса аёлнинг қариндошлари унга хабар ёзди. Ўз навбатида, тадбиркор полиция билан боғланиб, уларга оила билан алоқа боғлаш учун зарур маълумотларни етказди.
Деҳли полицияси 2015 йилнинг декабрида Twitter’да расмий аккаунтга эга бўлди. Бироқ комиссар ўринбосари ундан 2014 йилдан буён фойдаланиб келган.
Изоҳ (0)