Ўзбекистоннинг Stolik стартапи Россия, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари иштирок этган Eurasia Mobile Challenge танловининг ҳудудий финал босқичида учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда «Mobinfo.uz» хабар беради.
Танловнинг ҳудудий босқичи ташкилотчиси VimpelCom (Beeline савдо белгиси) компанияси матбуот хизматининг маълум қилишича, ғолиблар пул мукофотлари ва танловнинг Барселонада бўлиб ўтадиган халқаро финалига бориш имкониятини қўлга киритди (йўл ҳақи ташкилотчилар томонидан тўланади).
Танловда Stolik’дан ташқари, Ўзбекистондан «Rank.uz» ва «Идеал хизматлар» лойиҳалари ҳам иштирок этди.
Stolik – ресторанда столни банд қилиш учун бепул мобил дастурдир. Ҳозирда унинг тизимида 14 та ресторан мавжуд бўлиб, уларнинг сони ўсиб боради. Танлов шартларига кўра, Stolik жамоаси ўн минг доллар ва Барселонага бориш имкониятини қўлга киритади.
Танловда иккинчи ўринни Қозоғистоннинг «Мен волонтёрман» жамоаси, биринчи ўринни эса Қирғизистоннинг ArtAsian жамоаси эгаллади.
Изоҳ (0)