Россиянинг Приморье ўлкасида жойлашган сафари боғидаги эчки Тимур ветеринар кўригидан ўтиш учун йўлбарс Амурдан вақтинча ажратиб қўйилди. Бу ҳақда боғ директори Дмитрий Мезенцев берган маълумотларга асосан «Интерфакс» хабар қилмоқда.
Мезенцевнинг таъкидлашича, боғнинг ичида ветеринар кўриги учун ҳайвонлар жойлаштириладиган алоҳида махсус хона бўлиб, эчки Тимур шу ерга ўтказилган. Бу ерда эчкининг вазни ошиб кетиганлиги муаммоси ҳал қилиниши, шунингдек, унга бурга тушган-тушмаганлиги текширилиши керак.
Бундан ташқари яна бир муаммо юзага келган. Амур ва Тимурга қўшни бўлган катакда Тайга лақабли урғочи йўлбарс яшайди ва унда кўпайиш белгилари намоён бўла бошлаган.
Маълум қилинишича, бундай вақтда йўлбарс Амурнинг феъл-атвори ўзгариши мумкин ва у Тимурга нисбатан қандай муносабатда бўлишини олдиндан тахмин қилиш мушкул. Шу сабабли, боғ ходимлари юз бериши мумкин бўлган хавфнинг олдини олишга қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, «Амур ва Тимур» мультфильми учун машҳур дўстлар яшайдиган Приморье сафари боғида учта танлов бошланганлиги хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)